Ўзбекистон | 22:13 / 29.01.2016
7357
3 дақиқада ўқилади

2016 йилда Ўзбекистонда 65та янги йўловчи ташиш йўналишлари очилади

Ўзбекистонда 2016 йилда қўшимча 65та янги йўловчи ташиш йўналишлари очилади. Бу ҳақда 29 январь куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Ўзбекистон автомобил ва дарё транспорти агентлигининг 2015 йилдаги иш фаолияти якунларига бағишланиб ўтказилган матбуот анжуманида агентлик бошлиғи ўринбосари Ш.Шоваҳобов маълум қилган.

У ўз маърузасида журналистларга агентликнинг 2015 йилдаги фаолияти давомида амалга оширилган ишлар, қўлга киритилган муваффақиятлар, ижобий кўрсаткичлар, бугунги кунда автомобил ва дарё транспорти соҳасида амалга оширилиши кўзда тутилаётган янги режалар ҳақида маълумот берди.

Журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, маърузачи Тошкент-Самарқанд йўналишида янги ва замонавий автобусларни кўпайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар, Фарғона водийси шаҳарлари ва Тошкентни боғловчи йўналишлар устида қилинаётган ҳаракатлар ҳамда кўзда тутилган режалар, шаҳарлараро йўналишларда қатновчи енгил таксиларни тартибга келтириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳамда ноқонуний таксилар фаолиятига чек қўйилиши имкониятлари тўғрисида гапирган. У бундай ишлар 2016 йилда ҳам олиб борилишини таъкидлаган.

Унинг маълум қилишича, 2015 йил давомида республика бўйича жами 133та очиқ тендер ўтказилган. Уларда 1116та йўловчи ташиш йўналишлари жойлаштирилган. Шундан 205та шаҳар ичидаги йўналишларини жойлаштириш бўйича 33та тендер, 799та шаҳар атрофи ва 47та шаҳарлараро-вилоятлар ичидаги йўналишларни жойлаштириш бўйича 92та тендер, 65та шаҳарлараро-вилоятлараро йўналишларни жойлаштириш бўйича 8та тендер ўтказилган.

"2015 йил давомида ташувчилар томонидан Самарқанд автомобил заводида ишлаб чиқарилган “ИСУЗУ” русумли автобуслардан Қашқадарё вилоятида 78та, Тошкент вилоятида 64та, Сирдарёда 59та, Самарқандда 47та, Бухорода 35та, Хоразмда 27та, Қорақалпоғистон Республикасида 21та, Сурхондарёда 19та, Фарғонада 18та, Тошкент шаҳри ва Андижонда 13тадан, Жиззахда 11та ва Навоий вилоятида 8та жами 413та янги автобуслар лизинг ва банк кредитлари асосида сотиб олиниб, шаҳар ва шаҳар атрофи йўналишларида хизмат кўрсатилиши йўлга қўйилган", дейди у.

2015 йил давомида ташувчилар томонидан тижорат асосида фойдаланиш мақсадида 587та юк автомобили, 85та микроавтобус ва 445та (шундан 138 таси “Дамас” русумли) енгил автомобиллари сотиб олинган.

2015 йил давомида агентлик ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан хўжалик юритувчи субъектларга 2785та лицензия ва 182190та лицензия варақалари берилиб, 2016 йилнинг 1 январь ҳолатига лицензияланган автомобиллар сони 90024тани ташкил этди.

Статистик маълумотларга кўра, кейинги 15 йил ичида республика бўйлаб йўловчи ташиш йўналишлари сони 2 баробар ошган - 4346та. Шундан 997таси шаҳар ичидаги, 2732таси шаҳарлар атрофидаги ҳудудлар бўйлаб, 617таси эса шаҳарлараро йўналишлар.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш