Иқтисодиёт | 17:35 / 29.01.2016
20697
1 дақиқада ўқилади

Назарбоев: хоҳласам, бир долларни бир тангага тенглаштириб қўйишим мумкин

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев, агар истаса, битта қарор қабул қилиб, бир долларни бир тангага тенглаштириб қўйиши мумкинлигини таъкидлади.

“Назарий жиҳатдан, масалан, парламентсиз қарор қабул қилиб, бир долларни бир тангага тенглаштириб қўйишим мумкин. Бундай қилса бўлади”, - деди у “Нур Отан” партиясининг навбатдан ташқари XVI сессиясидаги чиқишида. “Бир пайтлар шунақаси бўлганди, - ёдга олди президент. – Катта авлод яхши хотирлайди, СССРда бир рубль расман бор-йўғи 45 цент турарди, ҳатто бир доллар ҳам эмас. Лекин бу тоталитар, деворлар, темир панжара билан ёпиб ташланган, натурал хўжалик ҳукм сураётган давлатда бўлган эди. Биласизми, ўшанда қанча хусусий тадбиркор бор эди? Ноль”.

Унинг фикрича, давлат миллий валюта курсини қанча кўп назорат қилса, тадбиркорлик учун шунча тўсиқ вужудга келади.