Ўзбекистон | 15:47 / 29.01.2016
5320
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон вакилининг стартапи Eurasia Mobile Challenge совриндори бўлди

Ўзбекистонлик Қодир Норовнинг Stolik стартапи Россия пойтахти Москва шаҳрида бўлиб ўтган Eurasia Mobile Challenge мобил инновациялар танловида энг яхшилардан бири деб топилди. Бу ҳақда Sputnik агентлиги ташкилотчилар сайтига асосланиб хабар берди.

Ўзбекистонлик стартапчи танловда учинчи ўринни қўлга киритган ҳолда шу йилнинг 21-25 февраль кунлари Барселонада ўтказиладиган халқаро танлов — Жаҳон Мобил Конгрессида қатнашиш ҳуқуқига сазовор бўлди.

Танловда Арманистон, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистондан жамоалар иштирок этади. Ташкилотчилар ушбу мамлакатларга танловда қатнашаётган иштирокчилар учун тренинглар ўтказиш мақсадида мутахассисларини юборади.

Eurasia Mobile Challenge – GSM операторлари халқаро ассоциацияси кўмаги остида мобил ишланмалар бўйича дунёнинг барча қисмларидан саралаб олинган иштирокчилар ўртасида ўтказилаётган World Mobile Challenge жаҳон кўрик-танловининг босқичларидан бири ҳисобланади.  Танлов мобил молиялаштириш, digital-хизматлар, булутли ва М2М-ечимлар, шунингдек, мамлакатлар ва минтақалардаги ижтимоий муаммолар, иқтисодий ўсишни рағбатлантиришга қаратилган мобил иловалар соҳасида ғояларни қидиришга йўналтирилган.

Февраль ойи ўрталаридан AppStore ва GooglePlay интернет дўконларида пайдо бўладиган Stolik мобил иловаси тўғрисидаги батафсил маълумотларни stolikapp.com сайтидан олишингиз мумкин.