Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эрон Франциядан 40 дона минтақавий ATR самолётини харид қилмоқчи
Эрон яқин кунларда Франция билан ATR француз-италян компаниясининг минтақавий тоифага мансуб 40 дона турбовинтли йўловчи самолётини етказиб бериш бўйича шартномани имзолаш арафасида. Бу ҳақда AFP агентлиги Эрон Ислом Республикасининг транспорт вазири ўринбосари Асгар Фахриё Кашанга таяниб хабар қилди.
“Эрон томони мазкур масала бўйича Франция ва Италия билан музокаралар ўтказди, - деди у. – Яқин кунларда ATR компанияси вакили Теҳронга келиб, шартноманинг сўнгги босқичига тайёргарлик кўриши керак. Аввалига 20та самолётга буюртма қилинади. Шундан кейин яна 20та машина бўйича шартнома имзоланади”.
1995 йилдан буён давом этиб келган эмбарго сабабли ғарб авиасозлари ўз маҳсулотларини Теҳронга сотиш ҳуқуқидан маҳрум бўлган эди. Эндиликда Эрон 10 йил давомида 400-500 лайнерни сотиб олишни режалаштирмоқда. Айни пайтда эса мамлакат авиапаркида 300дан зиёдроқ самолёт бўлиб, уларнинг 140тасигина фойдаланишга яроқли.