Жамият | 11:49 / 31.01.2016
11944
3 дақиқада ўқилади

82 йил бирга умргузаронлик қилган жуфтликдан бахтли оилавий турмуш сирлари

Бир одам билан узоқ йил бирга умр кўриш ҳар доим ҳам осон бўлавермайди. Айнан шунинг учун муҳаббат ва тотувликда бир умр бирга яшаган жуфтликлар ҳар доим илҳомлантиради.

АҚШнинг Калифорния штатида яшовчи Николас ва Рафаэла Ордазнинг оиласида романтика асосий ўринни эгаллайди. Бу жуфтлик яқинда турмуш қурганининг 82 йиллигини нишонлади. Қария Николас бир неча кун аввал 102 ёшни, унинг рафиқаси Рафаэла эса 2015 йилнинг октябрида 100 ёшини қаршилади.

"Уларнинг ота-оналари ҳам бирга узоқ йиллар давомида умргузаронлик қилишган. Бизнинг оила умуман ажрим нима эканлигини билмайди. Оилавий қадриятларни тарбиялаш маданиятнинг жуда муҳим қисми ҳисобланади", деб айтмоқда жуфтликнинг кўп сонли набираларидан бири Летиция Ордаз.

Қариялар турмуш қурганининг 82 йиллигини нишонлаш учун уларнинг 5 авлод зурриётлари йиғилди. Бироқ бу ғала-ғовурда ҳам севишганлар бир-биридан кўзларини уза олмадилар.   

"Улар ҳамон бир-бирларини ақл озгудек севадилар. Буни сезмаслик қийин. Улар бирга тушган барча фотосуратларда қўлларини ушлаб ёки бир-бирларидан пинҳона бўса олмоқчидек алфозда суратга тушишган. Тантанани нишонлаш пайтида бобом бувимни бехосдан қучоқлаб олиб, "Рафаэла, кел шу ондаёқ ётоққа борайлик!", деб баланд овозда гапирди. Албатта, буни барчамиз эшитдик ва кулиб юбордик. У буни айтганда ҳаттоки қизармади ҳам. Бобом, дунёдаги энг ажойиб аёлга уйланганини ва бувим ҳозирда ҳам унга ёшлигидагидек иҳтиросли эканлигини айтди", деб давом эттирмоқда ўз сўзларини уларнинг набиралари.

Албатта, узоқ давом этувчи муносабатлар нафақат иҳтиросларга қурилади.

Жуфтликнинг айтишича, улар бир-бирларини доимо ҳурмат қилганлари ва турмуш икир-чикирларига эътибор бермасликка ҳаракат қилганлари сабабли бунча кўп вақт бахтли турмушда яшаганлар.

"Улар бир-бирлари ҳақида қайғурадилар. Тантана пайтида бобом бувимга торт теккан-текмаганини синчковлик билан кузатди. Ваҳоланки, бувимда қанд касаллиги бор ва унга умуман торт ейиш мумкин эмас. Бобом шунчаки бувим билан бу онларни бирга баҳам кўрмоқчи бўлди", деб ўз бобо-бувиси билан фахрланиб гапирмоқда уларнинг набиралари.

39 ёшли Летиция Ордазнинг ўзи ҳам 10 йилдан бери бахтли оилавий турмуш билан яшаб келмоқда. Унинг айтишича, бобо-бувиси унга ҳаётда кўп нарсани ўргатган.

Николас ва Рафаэла Ордазнинг оилавий турмушини бахт ва узоқ умр кўришнинг рамзи деб айтса бўлади. "Бобом-бувимнинг кекса ёшлари ўзиникини ўтказиб, уларнинг хотиралари борган сари заифлашиб бормоқда. Улар кўпчилик одамларнинг исмларини ёддан чиқариб қўйишмоқда, бироқ бир-бирлариникини абадий ёдда сақлайдилар", демоқда Летиция.