18:48 / 01.02.2016
2459

ЎМИнинг Самарқанд вилояти вакиллиги биноси таъмирдан чиқарилди

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2014 йил 15 августдаги буйруғи асосида Самарқанд вилоят вакиллиги биносида 2014-2015 йиллар давомида жорий таъмирлаш ишлари олиб борилди. Ҳозирда бинонинг ички ва ташқи қисмлари тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги хабар берган.

"Миллий меморчилигимиз ҳамда замонавий усуллар воситасида қилинган таъмирлаш ишлари натижасида вакиллик ўзгача кўриниш олган ва ҳавас қилса арзигулик ҳолатга келган.

Таъмирлаш асносида асосий ҳомийлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси, “Мовароуннаҳр” нашриёти ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш” хайрия жамғармаси томонидан ажратилган маблағлар мақсадли йўналтирилди. Бунинг учун вилоят вакиллиги ҳомийларга ўзининг чуқур миннатдорчилигини билдиради.
Ҳозирги кунда вилоят вакиллигида 13 нафар ходим фаолият олиб бормоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилоятидаги вакили, вилоят бош имом хатиби лавозимида Нуриддинхон Исламов фаолият кўрсатмоқда. Самарқанд вилоят вакиллиги тасарруфида 285та расмий масжид мавжуд. Барча масжидларда малакали мутахассислар фаолият олиб боришмоқда", дейилади хабарда.

Top