14:59 / 01.02.2016
4249

Ўзбекистонлик икки муҳожир қозоғистонлик аёлни ўғирлаб, 1.5 млн товон пули сўрагани маълум бўлди

Россиядаги Тюмень шаҳри суди Ўзбекистон фуқаролари – 39 ёшли Олимжон Мадаминов ва 33 ёшли Хушнудбек Жўраевларнинг ишини кўриб чиқиб, уларни 15 ва 16 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди. Бу ҳақда Тюмень туман прокуратураси расмий сайти орқали хабар қилинди.

Жиноий иш материалларида айтилишича, 2015 йил майида Мадаминов поездда 59 ёшли остоналик аёл билан танишган. Аёл Қозоғистон фуқароси бўлиб, Остонадан Петропавловскка кетаётган эди. Суҳбат асносида аёл биологик фаол қўшимчалар тарқатиш билан шуғулланишини ва яхши пул топишини айтган, эркакка ўз рақамини берган.

Тюменда Мадаминов таниши Жўраевнинг уйида яшай бошлаган, аммо иш топа олмаган. Шунда бойвачча аёлни эслаб қолган. 11 июнь куни аёл Мадаминовнинг таклифи билан Тюменга келган. У ерда уни кутиб олган дўстлар пичоқ билан қўрқитиб, зеб-зийнат пулларини, 6 минг рубль ва 17 минг танга пулини ўғирлашган. Сўнг аёлни боғлаб қўйиб, озодлиги учун 1.5 млн рубль талаб қилишган. Мадаминов шеригига бу пулнинг 500 мингини ваъда қилган.

Аёл қариндошлари 700 минг рубль тўплаб бера олишини айтган. 11 июнь куни аёл ёлғон баҳона билан қизига қўнғироқ қилиб, пул сўраган. Аммо унинг ҳуқуқшунос бўлган қизи бир нарсани пайқаб, Тюмень ички ишлар бошқармасига мурожаат қилган. 12 июнь куни ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари асира тутиб турилган хонадонни топиб, уни озод қилишган.

Top