07:51 / 02.02.2016
3700

Инглиз футбол ҳаками Мартин Аткинсон бир йил давомида Британия бош вазиридан кўпроқ пул топди

Инглиз футбол ҳаками Мартин Аткинсон 2015 йил давомида Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерондан кўпроқ пул топди. Бу ҳақда The Sun нашри хабар бермоқда.

Нашр маълумотларига кўра, Кэмероннинг 2015 йилдаги маоши 203 минг долларни ташкил қилди. Шу йил ичида энг талабгир инглиз футбол ҳакамларидан бири бўлган Аткинсон 215 минг доллар ишлаб топди.

Олий тоифадаги ҳакам Аткинсоннинг ўтказган ўйинлари учун мукофот пули ҳисобга олинмаган ҳолдаги асосий йиллик маоши 128 минг 200 долларни ташкил қилади. Ҳакам Буюк Британияда ҳакамлик қилган ҳар бир учрашувига 640 доллар, Европадаги ҳар бир учрашув учун эса 5,7 минг доллар ҳақ олади.

2015 йилда 44 ёшли ҳакам умумий ҳисобда 48 та ўйинга ҳакамлик қилган. Улардан 37 таси Англия Премьер-лигаси, Англия Кубоги ва Англия лигаси кубоги ўйинларига тўғри келган. Ҳакам, шунингдек, Чемпионлар Лигасининг 6 та ўйини, Европа Лигасининг 2 та ўйини ва 2016 йилги Европа чемпионати саралаш босқичининг 3 та ўйинига ҳакамлик қилган.

2016 йилда Аткинсон 10 июндан 10 июлгача Францияда бўлиб ўтадиган Европа чемпионати ўйинларига ҳам ҳакамлик қилади.

Top