17:10 / 02.02.2016
2875

Трамп Айова штатидаги сайловларда ютқазгач, loser.com сайти унга бағишланди

2 февралдан бошлаб loser.com сайти (инглизчадан "ёлғончи" маъносида) саҳифасига кирганда ҳавола «Википедия» порталининг Дональд Трамп ҳақида маълумот берувчи қисмига йўналтирилмоқда.

Трамп Айова штатида бўлиб ўтган сайловларда АҚШ президентлигига Республикачилардан номзод бўлиш учун 24 фоиз овоз йиққанди. Уни Техас штати сенатори Тед Круз 28 фоиз овоз олиб, ортда қолдирган.

Айнан мана шу мағлубият сабабли сайтга кириш учун ҳаволани терганда у ерда Трампнинг «Википедия»даги саҳифасига ўтиб кетилиши ҳолати кузатилаётгани айтилмоқда.

Маълумот учун, Loser.com сайти 1997 йилда рўйхатдан ўтган бўлиб, бу пайтгача унинг эгалари жуда кўп марта ўзгарган. 2015 йилнинг март ҳолатига кўра, ушбу домен номига 44 ёшли шимолий каролиналик Брайан Коннелли эгалик қилмоқда.

Бунгача ҳам сайт турли хил машҳурларнинг саҳифаларига йўналтириб қўйилиши кузатилган. 2000 йилда сайт президентлик учун сайловларда Жорж Бушга ютқазиб қўйган Алберт Горнинг сайловолди дастурига раҳбарлик қилган Уильям Дейлининг саҳифасига йўналтириб қўйилганди.

2002 йилда loser.com мухолиф сенатор Жим Ходжеснинг саҳифасига улаб қўйилган. 2008 йилда сайт Барака Обаманинг сайловолди дастури акс этган сайтга кўзгу вазифасини ўтаган.

2010 йилда манзил Wikileaks’га, 2012-йилда Reddit’га йўналтириб қўйилган. 2015 йилнинг мартида сайт «Грэмми» мукофотидаги можароли иштироки билан ёдда қолган америкалик Канье Уэстнинг «Википедия»даги саҳифасига қайта манзиллаб қўйилганди.

Top