20:19 / 04.02.2016
3963

Японияликлар тетранейтрон очишди

Япониянинг Физик-кимёвий тадқиқотлар институти физиклари тетранейтрон – 4 та нейтрондан ташкил топган резонанс заррани аниқлашганини маълум қилишди. Олимлар тадқиқот натижаларини Physical Review Letters журналида чоп этишди.

Янги зарранинг энергияси тахминан 0,83 мегаэлектронвольтга тенг. Резонанс (қисқа вақт яшовчи нобарқарор адрон зарра) юқори энергияли изотоп гелий-8 билан тажрибалар ўтказиш давомида аниқланган. Гелий-8 парчаланиши оқибатида ҳосил бўлган маҳсулотлардан бири тетранейтрон бўлди.

Олимлар зарранинг энергияси жуда кичик бўлгани сабабли уни бевосита кўра олишмаган. Бироқ физиклар сақланиш қонунлари ёрдамида тажрибалар давомида тетранейтроннинг вужудга келишини кўрсатишга муваффақ бўлдилар. Олимлар ҳаммаси бўлиб янги резонанс ҳолатлар билан боғлиқ 4 та ҳолатни қайд қилишди.

Ўтказилган тажрибада статистик муҳимлик 4,9 стандарт оғишни ташкил қилди. Элементар зарралар физикасида ихтиро агар унинг статистик муҳимлиги 5 стандарт оғишдан кам бўлмаса (бунда хатолик эҳтимоли тахминан 0,00005 фоизга тенг бўлади) қайд этилади.

Олимлар томонидан олиб борилган ишлар янги резонанс борлигининг энг ишончли далиллари ҳисобланади. Аввалроқ физиклар Кандаги Оғир ионларнинг миллий тезлаштиргичида тетранейтронни аниқлашганди, бироқ уларнинг тажрибаларида маълумотлар нотўғри таҳлил қилинганди.

Top