22:11 / 05.02.2016
4965

Рестлинг бўйича собиқ юлдуз "Макдоналдс"да ўлик ҳолда топилди

Рестлингда Аксель Роттен тахаллуси билан иштирок этган 44 ёшли АҚШлик рестлер Брайан Найтон Балтимор шаҳридаги "Макдоналдс" ресторанларидан бирида ўлик ҳолда топилди. Бу ҳақда The Daily Mirror нашри хабар бермоқда.

Бу ресторан Найтон яшаган мотель яқинида жойлашган бўлган. Рестлернинг ўлими сабаблари аниқлаштирилмоқда.

Найтон сўнгги йилларда саломатлигида жиддий муаммоларни бошидан ўтказаётган эди. Спортчи умуртқа поғонасининг сурункали жароҳати сабабли базўр юра оларди, оғриқлар зўрайганда ногиронлар аравасидан фойдаланган.

Рестлер фаолиятининг чўққиси 90-йиллар охирига тўғри келган. Спортчи Шимолий Американинг Extreme Championship Wrestling (ECW), World Championship Wrestling (WCW) ва World Wrestling Entertainment (WWE) ташкилотлари шоуларида иштирок этиб келган.

Маълумот учун, рестлинг ўзида атлетик малакалар, жанговор санъатлар ва театр санъатини ўзида мужассамлаштирган саҳналаштирилган томоша тури саналади. Рестлингдаги беллашувлар саҳналаштирилган томошалар бўлиб, турли ташкилотлар томонидан ташкил этилади.

Top