20:11 / 05.02.2016
5581

Спектакль вақтида дорга осилиб қолган актёр ўзига келмай вафот этди

Италияда "Сароблар" спектаклида бош қаҳрамон ролини ижро этган, спектаклда ўзини дорга осиш саҳнасида ҳақиқатан дорга осилиб қолиб комага тушиб қолган актёр Рафаэль Шумахер ўзига келмай вафот этди. Бу ҳақда ОАВлар хабар бермоқда.

Аввал хабар берилганидек, бу фожиа Пиза шаҳридаги Lux театрида юз берган. Театрга келган томошабинлардан бири актёр билан нимадир нохуш ҳолат юз бераётганини пайқаб, унга ёрдам беришга ошиққан. 27 ёшли актёр ҳушсиз ҳолатда шифохонага етказилган. Актёр шу тариқа ўз жонига қасд қилган бўлиши мумкин, деган эҳтимол ҳам билдирилган, чунки у ҳеч кимни огоҳлантирмасдан спектакль бош қаҳрамони ўзига ўқ узиш билан жонига қасд қилиш саҳнасини дорга осиш билан алмаштирган.

Актёрнинг аҳволи борган сари ёмонлашиб бораверган, у томондан даволаш муолажаларига ҳеч қандай акс жавоб бўлмаган ва шифокорлар беморнинг аҳволи оғирлиги ва мияси ортга қайтариб бўлмас жароҳат олганини эҳтимол қилишган.

4 февралда шифокорлар актёрнинг ўлимини қайд қилиш учун 6 соат давомида муолажа ўтказишган. Шундан кейин актёрнинг яқинлари ва маҳаллий прокуратура вакиллари актёрнинг тана аъзоларини донорлик учун олинишига рухсат беришган. Актёрнинг онаси ва яқин дўстлари унинг ўз жонига қасд қилган бўлишини истисно қилишмоқда.

Айни вақтда ҳуқуқ-тартибот муассасалари театрда хавфсизлик техникаси қоидаларига қанчалик амал қилинишини текширишмоқда.

Top