22:48 / 06.02.2016
2754

Тайвандаги зилзила қурбонлари сони 14 кишига етди

6 февралда Тайванда юз берган кучли зилзила қурбонлари сони 14 кишига етди, 484 киши шифохонага етказилган. Бу ҳақда оролнинг қутқарув хизматлари маълум қилди.

Фожиа ҳудудида 150 дан ортиқ киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. Қидирув операцияси туни билан ҳам давом этиши эълон қилинди.

6,4 магнитудали зилзила маҳаллий вақт билан соат 03:57 да (Тошкент вақти билан 00:57 да) юз берган. Тайвань сейсмологлари маълумотларига кўра, зилзила маркази оролнинг жануби-ғарбий қисмидаги Пиндун уездидан 27 км узоқликда, ўчоғи эса 6,4 км чуқурликда бўлган.

Табиий фожиа оролнинг Тайнань муниципалитетидаги бир неча йирик биноларга жиддий шикаст етказган. Хусусан, 8 та бино тўлиқ, 5 таси ярмига вайрон бўлган. Бу бинолар орасида 16 қаватли бино ҳам бўлиб, унинг вайроналари остидан 12 киши жасади топилган.

Зилзила электр таъминот билан узилишлар келтириб чиқарган, бироқ оролдаги учта атом электростанциясининг ишини издан чиқармаган.

Top