18:47 / 07.02.2016
2576

Тайванда содир бўлган зилзила қурбонлари сони 26 нафарни ташкил қилмоқда

6 февралга ўтар кечаси Тайван жанубида содир бўлган кучли зилзила қурбонлари сони 26 нафарга етди. Бу ҳақда Хитойнинг "Синьхуа" агентлиги хабар қилмоқда.

Хабарда айтилишича, Юнкан ҳудудидаги "Вэйгуань" турар-жой биноси вайроналари остида яна 120 нафарга яқин одам қолиб кетганлиги тахмин қилинмоқда.

Орол жанубидаги Тайнань махсус муниципалитетида кўп қаватли бино қолдиқларини тозалаш бўйича қидирув-қутқарув ишларига 600 нафардан зиёд ходим, 149та техника жалб этилган.

Бундан олдинроқ, 17 қаватли бинонинг вайроналари остида қурбон бўлганлар сони 18 кишини ташкил этаётгани, яна 130 нафардан ортиқ киши харобалар остида қолаётгани ҳақида хабар қилинганди.

Хабарларда айтилишича, бу бинода 96та хонадон бўлиб, уларда жами 256 киши яшаган. Зилзила оқибатида бино иккига бўлиниб, унинг юқори қисми ерга қулаган. Расмийларнинг тахмин қилишича, уй сифатсиз материаллардан, қурилиш қоидаларига риоя қилинмаган ҳолда қурилган. Ҳодиса бўйича тегишли суриштирув ишлари олиб борилиши айтилган.

Бундан олдинроқ, Россия ҳам Тайван ҳукуматига бу зилзила оқибатларини бартараф этишда ёрдам кўрсатишга тайёрлигини маълум қилганди.

Top