17:30 / 08.02.2016
6811

Азамат Абдураимов Ўзбекистон ОТЖнинг Қатардаги муваффақиятсизлиги сабабларини айтди

Ҳозирги кунда мураббий сифатида фаолият олиб бораётган собиқ футболчи Азамат Абдураимов Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг Қатарда бўлиб ўтган Осиё чемпионатидаги муваффақиятсизлиги сабаблари борасида гапириб ўтди.

«Ўйлашимча, терма жамоалар маркази жамоанинг ўйинини чуқур таҳлил қилиб чиқиши ва ўз баҳосини бериши керак. Бунда айнан кимнидир айбдор қилиш эмас, балки келгусида бу каби хатоларга йўл қўймаслик ва жамоанинг ўсиши учун хизмат қилиши керак.

Агар бу ҳол бошқа қайтарилмаса, ажойиб иш бўларди. Мағлубият эса футболнинг бир қисми. Ҳаттоки дунёнинг энг кучли клублари мағлубиятни четлаб ўта олмайди. Олдинда жуда кўплаб саралаш мусобақалари, турли ёш тоифаларидаги турнирлар турибди».

Муваффақиятсизликнинг асосий сабаби? Ҳозир айнан битта сабабни ажратиб кўрсатиш қийин. Ўйлашимча, бундай натижага бир неча омиллар сабаб бўлади.

Жамоада бир йилда бир йўла тўрт марта мураббий тайинланди: Мақсудов, Ашурматов, Жалилов ва Бабаян. Бундай тез алмашинувлар билан натижага эришиш жуда мураккаб. Ҳар бир мураббийнинг ўз қарашлари, ўз фалсафаси ва ўз талаблари бўлади. Футболчиларга эса уларга мослашиши учун кўп вақт талаб этилади», дея Абдураимовдан иқтибос келтиради Sports.uz.

Top