18:09 / 09.02.2016
4851

Миллий виртуал оламда ўзига хос беллашув бошланди

Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Республика Маънавият тарғибот маркази, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан 2016 йил февраль ойидан бошлаб ёшлар қалби ва тафаккурига бевосита ижобий таъсир кўрсатадиган, қизиқарли ва фойдали фото, видео, аудио ва матн кўринишидаги ижод намуналарини ишлаб чиқишга қаратилган “e-yoshlar” республика интернет танлови эълон қилинди.

Танловда барча қизиқувчилар иштирок этиш ва овоз бериш ҳуқуқига эга бўлиб, у қуйидаги уч тоифа ёшлар ўртасида ўтказилади:
 - 5-15 ёшлилар, бунда улар ёш хусусиятидан келиб чиқиб, ўзлари яратган шеърлар, кичик ҳажмдаги ҳикоялар, расмлар ва ватанга муҳаббат, яқинларига меҳр, садоқат мавзуси акс этган бошқа ижод намуналари орқали иштирок этади;

 - 15-25 ёшлилар, улар танловда Ватан мадҳи акс этган расмлар, мустақиллик, юрт равнақи, ёшлик тараннум қилинган шеърлар, табиатимиз манзаралари, тобора ёшариб бораётган шаҳар ва қишлоқлар суратлари ва бошқа ижод намуналари билан иштирок этади;

 - 25-30 ёшлилар, улар танловда тинчлик неъматининг қадри, мустақилликни асраб-авайлаш, она ватанга садоқат, миллатга муҳаббат, миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик мавзулари ёритилган матн (шеър, мақола, ҳикоя, сценарий) ёки аудио-видео (қўшиқ, қисқаметражли фильм, ролик, мультфильм) маҳсулотлари, илмий тадқиқот натижалари ва бошқа ижод намуналари билан иштирок этади.

Қабул қилинган ижод намуналари фойдаланувчилар томонидан 2016 йил 1 апрелдан 30 апрелгача баҳоланади ва ғолиблар аниқланади.

 

Ҳар бир номинация бўйича совринли ўринларни эгаллаган ғолиблар диплом, пул маблағлари ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишади.

Танловда иштирок этишни истаган ёшлар барча зарурий маълумотларни www.e-yoshlar.uz сайтидан олиши мумкин.

Top