17:06 / 11.02.2016
4846

Қозоғистонда 6 ёшли бола қўлидаги лазерли ёритгич портлаб кетди

Қозоғистоннинг Рудний шаҳрида истиқомат қилувчи олти яшар болакайнинг қўлидаги лазерли ёритгич портлаб кетди. Бу ҳақда «Интерфакс» Қустанай вилояти ички ишлар бошқармасига таяниб хабар тарқатмоқда.

Манба берган маълумотга кўра, она ўз ўғлига 5-6 сантиметр узунликдаги лазерли ёритгич қурилмаси сотиб олиб берган. Болакай уни нам қўллари билан ушлаган пайтда у портлаб кетган. Портлаш натижасида боланинг қўли куйган.

«Бу ўринда криминал асос йўқ. Чунки она ўз ўғлига ўйинчоқ совға қилган. Полиция уларга судга мурожаат қилишни маслаҳат бермоқда», — дейилади маҳаллий ИИБ хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 2013 йилнинг 1 мартидан бошлаб Ўзбекистонда лазерли ёритгичларнинг республика ҳудудида четдан олиб кирилиши ва сотилиши тақиқланганди. Қарорга кўра лазерли кўрсаткичлар одамга ва ҳаво кемаларига қаратиш зарарли саналади.

Top