09:26 / 15.02.2016
2470

"Тоттенҳэм" сафарда "Манчестер Сити"ни енгиб, иккинчи ўринга кўтарилди

Англия чемпионатининг 26-туридаги яна бир марказий учрашув "Манчестер Сити" ва "Тоттенҳэм" клублари ўртасида ўтказилди. Унда мезбонлар 1:2 ҳисобида ютқазиб қўйди.

Ўйиннинг биринчи бўлимида икки жамоа ҳам эҳтиёткор ўйин услуби қўллади ва ҳисоб очилмади.

Ўйиннинг 53-дақиқасида бош ҳакам Марк Клаттенбург шубҳали вазиятда "шаҳарликлар" дарвозаси томон пенальти белгилади. Бу вазиятда Роуз томонидан тепилган тўп жарима майдончаси ичида Раҳим Стерлингнинг елкасига тегди, лекин ҳакам бу вазиятда футболчи тўпни қўли билан қайтарди деб ҳисоблади. Ҳарри Кейн эса белгиланган пенальтидан гол уриб, лондонликларни олдинга олиб чиқди.

Шундан сўнг мезбонлар мураббийи Мануэль Пеллегрини таваккалга қўл уриб, таянч ярим ҳимоячиси Фернандони ҳужумчига аламаштирди. 65 дақиқада майдонга тушган ёш нигериялик ҳужумчи Келечи Ихеаначо 74-дақиқада гол уриб ҳисобни тенглаштирди.

Лекин, 83-дақиқада "шпорлар"нинг даниялик футболчиси Кристиан Эриксен "Тоттенҳэм"нинг иккинчи голини урди ва ҳисобни 1:2 кўринишига келтирди. Ўйиннинг қолган қисмида ҳисоб ўзгармай қолди.

Эндиликда Почеттино шогирдлари очколар сонини 51тага етказиб олди ва тўплар нисбатидаги устунлик эвазига "Арсенал"ни ортда қолдириб, иккинчи ўринга кўтарилиб олди.

Англия чемпионати, 26-тур
Манчестер Сити – Тоттенҳэм 1:2
Голлар: 0:1 – 53, пенальти Кейн, 1:1 – 74 Ихеаначо, 1:2 – 83 Эриксен.
Манчестер Сити – Харт, Компани, Клиши (Коларов, 75), Сабалета, Отаменди, Фернандо (Ихеаначо, 66), Фернандиньо, Туре, Сильва, Стерлинг, Агуэро.
Тоттенҳэм – Льорис, Виммер, Алдервейрелд, Роуз, Дайер, Алли (Ламела, 81), Дембеле, Эриксен, Уокер, Кейн, Сон Хын Мин (Кэрролл, 72).
Огоҳлантиришлар: Дайер (45), Компани (46), Виммер (56), Кэрролл (76).

Top