09:30 / 19.02.2016
4363

«МЮ» мураббийи УЕФА рейтингида 136-ўринда турган жамоага мағлуб бўлишни Мерфи қонунияти билан оқламоқчи бўлди

«Манчестер Юнайтед» жамоаси бош мураббийи Луи ван Гаал Европа лигаси 1/16 финалида Даниянинг «Мидтьюлланд» жамоасига қарши кечган баҳсдаги 1:2 ҳисобидаги мағлубиятни Мерфи қонунияти билан изоҳлади. Бу ҳақда BBC Sprot хабар тарқатган.

«Мен ўйлайманки, бугун Мерфи қонунияти иш кўрсатди. Барчаси ёмон бошланди. Бўлиши мумкин бўлган энг ёмон эҳтимоллар рўй берди. Дастлабки 10-15 дақиқада футболчиларимиз майдонда нима қилишаётганини ўзлари ҳам англашмади. Билмадим уларнинг миясида қандай фикрлар айланди. Биринчи голни рикошетдан сўнг ўтказиб юбордик. Буниси энди ортиқча эди.

Иккинчи бўлимда эса ҳар бир яккакурашни бой бердик. Ҳар бирида. Биз рақибга иккинчи голни уришга шунчаки ҳақли эмасдик.

Афсуски ўз имкониятларимиздан ҳам фойдалана олмадик. Лингардда икки марта ўзини кўрсатиш учун ажойиб вазият юзага келган эди», дейди мураббий.

Манчестерликлар сафардаги бу ўйиннинг 37 дақиқасида ҳисобни очишди. Мемфис Депай Жесси Лингарднинг пасини голга айлантирди. Данияликларнинг тиниб-тинчимаган футболчиси Пионе Систо эса биринчи тайм тугаши арафасида ҳисобни тенглаштирди. Мезбонларга ғалаба келтирган гол ўйиннинг 77 дақиқасида Пол Онуачу томонидан урилди.

Айни вақтда «Манчестер Юнайтед» лазаретида 13 футболчи даволанмоқда. Даниядаги ўйин арафасидаги машғулот вақтида эса асосий дарвозабон Давид Де Хеа жароҳат олиб, сафдан чиқди. Унинг тиззасидан олган жароҳати қанчалик оғирлиги ҳали маълум эмас. Унинг ўрнида энди Серхио Ромеро дарвозани қўриқлайди.

Айни вақтда «Манчестер Юнайтед» УЕФАнинг клублар рейтингида 20-ўринда қайд этилган. «Мидтьюлланн» эса 136-ўринда. Бу жамоалар ўртасидаги жавоб учрашуви 25 февраль кунига белгиланган.

Мерфи қонунияти - ҳазиломуз фалсафий принцип бўлиб, омадсизлик кетидан омадсизлик келиши, келажакка ишончсизлик ва олдиндан таслим бўлишни, бўлиб ўтиши кутилган ёмон воқеанинг албатта содир бўлишини англатади. Унинг асоси 1949 йилда АҚШ Ҳарбий ҳаво кучлари хизматчиси сифатида фаолият кўрсатган капитан Эдвард А. Мерфи номи билан боғлиқ.

Top