17:58 / 19.02.2016
10926

Хонанда Лейли ЎзДЖТУдаги қизлар клубида махсус семинар-тренинг ўтказди

18 февраль куни Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети қошидаги GDC Girls development club клубида Сетора гуруҳи хонандаси Лейли қизларга ҳақиқий гўзаллик сирлари, мода ва аёллик бахти ҳақида семинар тренинг ўтказди. Шунингдек, Жонли караоке қисмида қизлар Сетора гуруҳининг соғинилган қўшиқларини хонанда Лейли билан бирга куйладилар.

Тренинг сўнгида қизлар хонанда Лейлининг клубга миллий либосда ташриф буюргани, бахт ва гўзаллик ҳақидаги шарқона қарашларини бўлишгани қизларда ажойиб таассурот қолдирганини айтиб ўтдилар.

Тадбирни лойиҳа муаллифи Гавҳар Сагдуллаева олиб борди ва тренинг давомида бир қанча психологик ўйинлар ўтказилди.

Бу клуб тўртта йўналиш: психология, бизнес, стил ва "чат" йўналишларидан иборат бўлиб, қизларнинг руҳиятини ва шахсиятини ҳар томонлама ўстиришга қаратилган.

Шу кунгача клубда бир қанча тренинглар ўтказилган бўлиб, Муштарий Йўлдашева, Замира Азимова, Дилноза Кубаева сингари аёллар қизларга қизиқарли семинарлар ўтказиб берган.

Маълумот учун, Лейли «Ниҳол» мукофоти совриндори. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист. Лейли 1998 йил 1 март куни Камилла ва Феруза билан ҳамкорликда «Сетора» гуруҳини ташкил қилган. Хонанда фаолият юритган «Сетора» триоси қўшиқларини, мусиқа шинавандалари ҳанузгача мириқиб тинглашади. Лейлининг гуруҳ таркибида ижро этган «Сен борсан», «Оҳим», «Аждодлар руҳи», «Эшитмайди», «Хайр мактабим», «Ўзбегим» ва бошқа кўплаб қўшиқлари нафақат Ўзбекистонда, балки қўшни давлатларда ҳам хитга айланган. 2006 йилда «Сетора» овоз ёзиш студияси билан шартномани бекор қилди ва гуруҳнинг номи «Сетанҳо»га ўзгаради. 2009 йилдан эса хонанда, Лейли тахаллуси билан алоҳида фаолиятини бошлади.

ЎзДЖТУ талабаси университет қизлари учун клуб ташкил этди

Дилноза Кубаева талаба қизлар билан ахлоқ-одоб ҳақида гаплашди

Top