Фан-техника | 23:54 / 22.02.2016
3379
2 дақиқада ўқилади

Huawei компанияси клавиатура улаш мумкин бўлган MateBook планшет-трансформерни намойиш қилди

Huawei компанияси Барселонада бўлиб ўтаётган Mobile World Congress 2016 кўргазмасида ўзининг янги қурилмаси MateBook планшет-трансформерини тақдим қилди. Компанияда таъкидланишича, ноутбуклар синфи йўқ бўлиб кетмоқда, келажак эса MateBook каби универсал қурилмалар ортида.

Huawei’нинг янги қурилмаси ўзидан Windows 10 операцион тизимида ишловчи 12 дюймли планшетни намоён қилади, бироқ аксессуарлари эвазига ноутбукка ўхшаш қурилмага айлантирилиши мумкин. Фойдаланувчи ишлашда ноқулайлик сезмаслиги учун Huawei 150 еврога ғилоф-клавиатура, 100 еврога планшетга принтер ва проекторлар улашга имкон берувчи махсус MateDock адаптерини ҳамда 70 еврога ички ўрнатилган лазер кўрсатгичига эга стилусни таклиф қилмоқда. Қурилманинг тўлиқ комплектацияси 2120 еврога айланиши мумкин.

Қурилма Intel Core M процессори негизида ишлайди, 4 ёки 8 Гб гача тезкор хотира ва 128 Гбдан 512 Гбгача ички хотирага эга бўлиши мумкин. Планшет стереодинамиклар, бармоқ излари сканери ва 2160 х 1440 пикселли 12 дюймли экранга эга. Қурилманинг қалинлиги iPhone 6’ники каби 6,9 мм ни ташкил қилади.

Huawei MateBook катта экранга эгалигига қарамасдан, етарлича камтар бўлган 4430 мА-соат сиғимга эга аккумулятор билан жиҳозланган. Компаниянинг таъкидлашича, аккумулятор қуввати видео кўрсатиш режимида 9 соат ва оддий режимда 13 соат ишлашга мўлжалланган.

Қурилма 2016 йилнинг охирида сотувга чиқарилади ҳамда 699 доллардан 1599 долларгача нархда сотилади.