13:52 / 22.02.2016
2979

Жиззахда аскарларга имтиёзли тавсияномалар берилди

Марказий ҳарбий округнинг Жиззах вилоятида жойлашган ҳарбий қисмларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, Қуролли Кучлар резервига бўшатилган аскарларнинг бир гуруҳига олий ўқув юртларига ўқишга киришда қўшимча имтиёз берувчи ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномасини топширишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Анжуманда Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати кенгаши, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими, вилоят хотин-қизлар қўмитаси вакиллари, ҳарбий қисмлар командирлари иштирок этди, деб ёзади Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги.

Эслатиб ўтамиз, 2012 йил 31 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори асосида ҳарбий хизматни муносиб ўтаган, ўз билими ва қобилияти билан сафдошларига ўрнак бўлган аскарларга имтиёзли тавсияномалар бериб келинмоқда.

Бундай тавсияномага эга бўлган йигитлар барча йўналиш ва мутахассисликлар бўйича мамлакатимиздаги олий ўқув юртларига ўқишга киришда тўплаш мумкин бўлган энг юқори баллнинг 27 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёзга эга бўлади.

Top