14:35 / 22.02.2016
14996

Тўрткўлда африка лаққа балиғи кўпайтирилмоқда

Маълумотларга кўра, айни пайтда Қорақалпоғистон Республикасидаги 155 сунъий сув ҳавзаси ва 92 табиий кўлда ўтган 2015 йилда 3 минг 410 тонна балиқ етиштирилди. Бу жараёнда туманлардаги балиқчиликка ихтисослашган хўжаликларнинг ҳиссаси катта.

Масалан, Тўрткўл туманидаги балиқ етиштиришга ихтисослашган “Антиқа” фермер хўжалигининг 10 гектарлик сув ҳавзасида йилига 150-200 миллион балиқ чавоғи етиштирилиб, балиқчилик хўжаликларига тарқатилган, деб хабар беради Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги.

“Фермер хўжалигида 2015 йилда Африка лаққа балиғини маҳаллий шароитга мослаштириш ва уни кўпайтиришга киришилди. Мутахассисларнинг фикрича, бу балиқ тури кислород танқислигига жуда чидамли бўлиб, 1 тонна сувда 300-350 килограммгача балиқ етиштириш имконини беради. Унинг яна бир афзаллиги, қилтаноғи кам ва сергўштлигидадир”, дейди фермер хўжалиги раҳбари Шуҳрат Ражабов.

Жорий йилда Қорақалпоғистон Республикасида балиқ етиштиришга ихтисослашган 77 янги хўжалик ташкил этиш, балиқ овлашни 5 минг 400 тоннага етказиш режалаштирилган.

Top