Жамият | 23:54 / 24.02.2016
9222
1 дақиқада ўқилади

Ғузорлик маҳалла раисининг жиноий ишлари фош бўлди

Ғузор тумани “Наврўз” МФЙ раиси лавозимига вақтинча тайинланган шахс нафақа пулларининг тайинланиши ва тўланиши жараёнида бир неча қинғирликларга қўл ургани ошкор бўлди.

Текширув жараёнида аниқланишича, “У маҳалла ҳудудида яшамайдиган 19 нафар фуқарога жами 32 млн 743 минг 905 сўм миқдоридаги нафақа пулларини ноқонуний тарзда тўловга чиқариб, ўз манфаатларига ишлатиб юборган”, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Шунингдек, у маҳаллада яшовчи фуқаро номидан сохта ҳужжатлар тайёрлаб, мазкур ҳужжатлар асосида, 2014 йилдан бошлаб 11 ой давомида ижтимоий нафақа ёзиб, 3 млн 707 минг сўм пулни ўзлаштириб юборган.

Нашрнинг ёзишича, Жиноят ишлари бўйича Ғузор туман суди айбланувчига нисбатан 3 йил муайян, яъни моддий жавобгарлик ва мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлади.