16:42 / 26.02.2016
4463

Леся Украинка таваллудининг 145 йиллиги нишонланди

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида “Славутич” украин миллий маданий маркази билан ҳамкорликда украин адабиётининг йирик вакили, шоира ва ёзувчи Леся Украинка таваллудининг 145 йиллигига бағишланган адабий-бадиий кеча ўтказилди. Унда сўз олганлар шоира ижодидаги инсонпарварлик ғоялари, садоқат, меҳр-оқибат, юртга бўлган муҳаббат туйғулари тараннуми барча даврларда ҳам ўз муҳимлигини йўқотмаслигини таъкидлашди.

Анжуманда шоиранинг ҳаёти ҳақида ҳужжатли фильм намойиш этилди. Сўнг Украин миллий маданият маркази томонидан тайёрланган бадиий қисмда шоира қаламига мансуб шеърлар ўқилди, турли мусиқий чиқишлар қилинди.

Леся Украинка 1871 йил 25 февраль санасида Новгород-Волинский, ҳозирги Житомир вилоятида туғилган. Унинг илк шеърлар тўплами «Қўшиқлар қанотида» 1893 йилда нашр этилган. Кейинчалик «Ўйлар ва орзулар» (1899), «Акс-садолар» (1902) тўпламлари ҳам чоп қилинган.

Леся Украинка «Ой афсонаси» (1892), «Роберт Брюс, Шотланд қироли» (1893), «Асир» (1903), «Оппоққина Изольда» (1912) каби достонлар, «Мовий гул» (1896) «Куз эртаги», «Мағораларда» (1906) ,«Кассандра» (1908), «Тош хўжайин» (1912), «Ўрмон қўшиғи» (1912) сингари драмалари муаллифи. «Ўрмон қўшиғи» драмаси асосида опера, балет ва кино асарлари яратилган. Шунингдек «Денгиз узра» (1898), «Дўстлик» (1905), «Хато» (1906) каби насрий асарлар ёзган.

Унинг шеърларини Миртемир, Зулфияхоним, Уйғун, Эркин Воҳидов ва бошқа шоирлар маҳорат била ўзбек тилига таржима қилган.

Top