22:24 / 26.02.2016
3346

Нурсултон Назарбоев Миср президенти билан учрашди

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Қозоғистонга расмий ташриф билан келган Миср президенти Абдул Фаттоҳ Ас-Сисий билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда Оқўрда матбуот хизмати.

Учрашув давомида икки давлатнинг савдо-иқтисодий, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, инфратузилмавий қурилиш ва транспорт-логистика соҳаларидаги ҳамкорлиги муҳокама қилинди.

Нурсултон Назарбоев Миср президентининг Қозоғистонга биринчи ташрифи икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларининг мустаҳкамланишига янги импульс беришини айтди.

Қозоғистон президенти, шунингдек, икки давлат бир-биридан географик жиҳатдан узоқ жойлашганига қарамасдан, транспорт-транзит алоқаларини ривожлантириш учун катта салоҳиятга эгалигига эътибор қаратди. Назарбоев Ас-Сисий Мисрга мураккаб вазиятда бош бўлганини таъкидлаб ўтди.

Ўз навбатида Ас-Сисий Миср халқи ва раҳбарияти Остона ва Қоҳира ўртасидаги икки томонлама муносабатларни юқори баҳолашини айтди.

"Қозоғистоннинг давлатимиз учун мураккаб бўлган даврда кўрсатган кўмагини юқори баҳолаймиз. Менинг ташрифимдан мақсад давлатларимиз ўртасида барча йўналишлар бўйича яқин алоқаларни янада мустаҳкамлашдан иборат", деб айтди Ас-Сисий.

Top