10:42 / 27.02.2016
2709

Бишкекда охирги 50 йил ичидаги илиқ ҳаво ҳарорати рекорди ўрнатилди

Қирғизистон пойтахти Бишкекда февраль ойи учун ноодатий илиқ ҳаво ҳарорати ўрнатилди. Бу ерда 24-25 февраль кунлари кундузи ҳаво ҳарорати +22+24 градусни ташкил қилди. Об-ҳаво мутахассисларининг таъкидлашича, бу охирги 50 йилдаги рекорд кўрсаткич бўлди.

Аввалги рекорд натижа 1963 йилда қайд қилинганди, ўшанда ҳаво ҳарорати йилнинг шу кунлари +20+25 градусгача исиган, +30+35 градуслик мутлақ рекорд кўрсаткич эса 1951 йилда ўрнатилган.

Ҳаво ҳарорати юқорилагани сабабли Қирғизистон фавқулодда хизматлари тоғли ҳудудлар ва мамлакатнинг шимоли ва жанубини боғловчи ҳамда қор кўчиши хавфи бўлган ҳудудлар орқали ўтувчи автомобиль йўлларида қор кўчиши мумкинлигидан хавотирланишмоқда ва эҳтиёткорлик чораларига амал қилишга чақиришмоқда.

Top