Франция миллий қаҳрамони Жанна д'Арк узуги 420 минг долларга сотилди
Франция миллий қаҳрамон аёли Жанна д'Аркнинг кумуш узуги Лондондаги TimeLine Auctions аукционида рекорд даражадаги 297,6 минг фунт стерлингга (420 минг доллар) сотилди. Бу ҳақда аукцион савдоларини ташкиллаштирган компания бошқарувчи директори Крис Рен маълум қилди, деб хабар бермоқда ТАСС ахборот агентлиги.
Маълум қилинишича, 15 асрга мансуб ноёб асори-атиқага эгалик қилиш учун ўнлаб коллекционерлар нафақат залда, балки телефон ва интернет орқали курашдилар.
Савдоларнинг охирги босқичида икки коллекционер ўртасидаги курашда дастлабки нархи 21 минг долларга баҳоланган узук бир неча баробар қимматроққа сотилди. Савдолар ташкилотчисининг айтишича, узукнинг нодирлигидан унинг якуний нархи ҳам дарак беради. "Кумуш узуклар кам ҳолларда бир неча минг фунт стерлингдан қимматроққа сотилади ва шунинг учун бу ҳолат ҳақиқатда ноёб ҳодиса бўлди", деб айтди Рен.
Аукционерларнинг маълумотларига кўра, узукда Jhesus Maria ёзуви ва учта ўйиб ишланган хоч тасвири бор. Узукни сотиб олган шахс номаълум бўлиб қолишни истаган.
Жанна д'Арк Англия ва Франция ўртасидаги Юз йиллик урушда француз қўшинларига қўмондонлик қилган саркардалардан бири бўлиб, бургундларга асирга тушиб қолган ва инглизларга топширилган. Саркарда аёл шоккокликда айбланиб, 1431 йилда гулханда ёқиб юборилган. Кейинроқ унинг номи оқланган ва авлиёлар қаторига киритилган.