Раньери Маҳрезни захирага михлаб қўйишдан тап тортмаслигини айтиб ўтди
Айни вақтда АПЛ турнир жадвалида етакчилик қилаётган «Лестер» жамоаси бош мураббийи Клаудио Раньери жамоа етакчиларидан бири, жазоирлик ярим ҳимоячи Риёд Маҳрез ҳақида фикр билдириб ўтди.
У ўз шогирди бошқа жамоага ўтиш ҳақида ўйлай бошласа, уни захирага михлаб қўйишини билдирган.
«Агар Риёд яхши ўйнашда давом этса, асосий таркибда майдонга тушаверади. Аммо бошқа клубга ўтиш ҳақида ўйлайдиган бўлса, уни узоқ вақт давомида захира ўриндиғида ўтириш қисмати кутади.
Маҳрезнинг ўрнида бўлганимда ўзимга ўзим: «Ҳа, мени кўп клублар сотиб олмоқчи. Аммо мен ўзимнинг энг яхши ўйинимни намойиш этишда давом этишим лозим. Ўшанда уларда мени сотиб олиш борасида умуман шубҳа бўлмаслиги керак» деган бўлардим.
Биз барча футболчиларни таркибда сақлаб қолишни истаймиз.
Агар футболчиларимдан қайси биридир келиб, «Лестер» менинг талабларимга жавоб бермаяпти деса, ҳамда бошқа жамоага ўтиш нияти ҳақида айтса, мен унга «Бор кетавер, сенга омад» дейман», дея Раньерининг сўзларидан иқтибос келтиради Sky Sports нашри.
Маълумот учун, Риёд Маҳрез жорий мавсумда Англия чемпионатида 25 учрашувда 14та гол урган ва 10 голли узатмани амалга оширган. Маҳрез «гол+пас» тизимида Англия чемпионатида етакчилик қилмоқда. Унга бундан олдинроқ Англиянинг грандлари ҳамда «Барселона»дан қизиқиш мавжуд.
Шунингдек, Риёд Маҳрез болалигидан «Барселона»га тегишли бўлган «Камп Ноу» ўйингоҳида ўйнашни орзу қилганини айтиб ўтган.
Айни вақтда Маҳрезнинг маоши ҳафтасига 35 минг фунт стерлингни ташкил этади. «Лестер» 25 ёшли футболчи билан шартномани узайтириб, унинг маошини икки баробар оширмоқчи. Аммо Маҳрез «Барселона»дан таклиф олишга умид қилаётгани ва бу таклифни рад этгани айтилган.