3D-расмлар оламига саёҳат
Маълумки, кўпчилик музейларда экспонатларни суратга олиш тақиқланган. Филиппин пойтахти Манилада жойлашган Санъат Музейида эса бунақа қоида йўқ. Аксинча, музей ходимлари томошабинларга экспонатларни суратга туширишни, музей ҳаётида фаол иштирок этишни, хуллас, вақтини яхши ўтказишни таклиф этишади. Музей матбуот котиби Блит Камбаянинг айтишича, музейдаги санъат асарлари томошабинларсиз тўлиқ бўлмайди, томошабинлар уларни нафақат кўздан кечиришлари, балки уларнинг бир қисмига айланишлари, суратларнинг ичига кириб кетишлари талаб қилинади.
Музейдаги расмларнинг ўзига хослиги шундаки, уларни маълум бурчак остида суратга туширганда оптик иллюзия ҳосил бўлади. Томошабинлар кўз олдида гоҳ денгиз тўлқинлари мавж уради, гоҳ ўрта аср аслзодалари жонланади. Саёҳатчилар ичида бу музей катта машҳурликка эришган.