Иқтисодиёт | 09:04 / 02.03.2016
16935
2 дақиқада ўқилади

Bloomberg: Путин мамлакат мустақиллиги учун рублни қурбон қилишга тайёр

Россия президенти Владимир Путин олтин-валюта захираларининг мавжудлиги мамлакат молиявий мустақиллигининг кафолати эканлигига ишонади, шунинг учун захираларни сақлаб қолиш учун Путин рублни қурбон қилишга тайёр. Бу ҳақда Путинга яқин манбаларга иқтибос келтирган ҳолда Bloomberg агентлиги хабар берди.

Путинга мунтазам равишда Россия олтин-валюта захиралари ҳақида ҳисобот бериб турилади. Бироқ Путин, шунингдек, валюта курсларининг муҳимлигини ҳам таъкидлайди, бироқ мамлакатнинг молиявий хавфсизлиги учун рубль курсини қурбон қилишга тайёр.

"Владимир Путин 2008-2009 йилларда захиралар кучини англади, ўшанда айнан шу захиралар эвазига инқирозни сезиларсиз зиёнларсиз ўтишга муваффақ бўлинган", деб маълум қилди агентликка Россиянинг собиқ молия вазири Алексей Кудрин. Агентлик маълумотларига кўра, Кудрин ҳали ҳам Путин билан иқтисодий сиёсатни муҳокама қилиш учун мунтазам учрашиб туради.

Бундан ташқари, Путин Миллий фаровонлик жамғармасининг харажатлари ҳақида шахсан ўзи қарор қабул қилади. Бу жамғарма пуллари инфратузилмавий ва узоқ муддатли лойиҳаларга сарфланади. Агентлик Россия олтин-валюта захиралари билан бюджетнинг жорий дефицити қопланадиган Захира жамғармасини адаштирмасликни эслатиб ўтди.

Аввалроқ Россиянинг халқаро захиралари 19 февраль ҳолатига кўра, 379,4 млрд долларни ташкил қилгани маълум қилинганди.