Жамият | 18:26 / 02.03.2016
10977
2 дақиқада ўқилади

Қотил-энага қурбонининг отаси йўқолиб қолган итини изламоқда

Улкан шов-шувларга сабаб бўлган, ҳар бир дилни ларзага келтирган ва қотиллигида Гулчеҳра Бобоқулова гумон қилинаётган марҳума москвалик тўрт ёшли қизалоқнинг ота-онаси фожиа пайтида йўқолган Люся лақабли той-терьер кўппагини изламоқда.

Қидирув ҳақидаги эълонлар Москванинг Хорошёво-Мнёвники тумани бўйлаб ёпиштириб чиқилган, деб хабар беради "Газета.Ru”нинг PETS лойиҳаси.

Оиланинг дўст-биродарлари ва ижтимоий тармоқларнинг кўнгилли фойдаланувчилари кучукни излашга ёрдам беришяпти.
“Народное ополчение кўчасида дўстларимнинг оиласида даҳшатли фожиа содир бўлди. Энди уларнинг ярасига туз сепгандек, оила аъзоси бўлган кучук ҳам йўқолиб қолган. Илтимос, уни кўриб қолсангиз, тезда хабар беринг”, - деб ўз саҳифасида ёзиб қўйган москвалик Екатерина Дудина.

1 март куни кечки пайт ҳалок бўлган қизалоқнинг отаси Владимир “ВКонтакте” ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Хорошёво-Мнёвники тумани аҳолисига мурожаат қилган: “Оиламизда содир бўлган даҳшатли воқеа ҳақида ҳамма хабардор бўлса керак. Нафрат, ожизлик, иложсизлик туйғуларини тасвирлаб бера олмайман... Бизни қуршаб турган хунрезликларни баҳолаб бўлмаса керак. Ишончим комил, шундай кулфатни бошидан кечирган одамлар бор, ва мен Настя учун улар билан бирга қайғураман, аза тутаман. Хорошёво-Мнёвники тумани аҳолисига эса ҳамдардликлари учун миннатдорчилик билдираман ва улардан катта ўтинчим бор, ушбу воқеа пайтидаги ёнғинда итимиз қочиб кетган, у ҳам оиламиз аъзоси ва биз уни жуда яхши кўрамиз, уни излашда кўмаклашганларга беҳад миннатдор бўлар эдик...”

Люса фожиа пайтида хонадонда бўлган ва ёнғиндан сўнг йўқолиб қолган.