11:50 / 03.03.2016
5432

Ўзбекистон мамлакатдаги энг йирик технопаркка 90 миллиард сўм қийматида инвестиция киритади

Тошкент шаҳри маъмурияти кейинги ўн йил ичида мамлакатдаги энг йирик “Яккасарой” технопаркини ривожлантириш учун 90 миллиард сўмдан зиёдроқ маблағ киритади. Бу ҳақда технопарк бошқаруви кенгаши раҳбари Рустам Нуралиев Sputnik Узбекистан мухбирига маълум қилган.

Технопаркни барпо этиш ишлари 2014 йилнинг январь ойида бошланган. У Тошкент марказида жойлашган ва анчадан бери фойдаланилмаётган Тошкент текстиль комбинати ҳудудида қад ростлаган.

“Саноат парки қурилиши мўлжалланган ҳудуд дастлаб жуда аянчли ҳолатда эди. Барча коммуникация тизимлари эскирган бўлиб, улар фойдаланишга яроқсиз ҳолатга тушиб қолган эди. Шунинг учун ушбу тизимни тўла янгилаш фойдадан ҳоли бўлмасди. Биз дастлабки олти ой давомида зарур бўлган инфратузилмани қайта тиклашга ва у ердаги биноларни тадбиркорларга арзон нархлар эвазига ижарага беришга муваффақ бўлдик”, — деди у.

Натижада ўтган икки йил ичида майдони 57 гектар ҳудудни эгалловчи технопаркда 250 дан зиёд тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. 2015 йил якунларига кўра, 200 миллиардлик маҳсулот чиқарилган ва 6,5 мингдан ортиқ ишчи ўрин яратилган.

Top