17:47 / 03.03.2016
2171

"Твенте" профессионал клуб сифатидаги мақомини йўқотиши мумкин

Футбол бўйича Нидерландия биринчилигида иштирок этувчи "Твенте" жамоаси раҳбариятнинг молиявий қинғирликларга йўл қўйгани учун профессионал лицензиясидан маҳрум бўлиши мумкин. Бу ҳақда Нидерландия футбол иттифоқи (KNVB) раҳбари Берт ван Остенга асосланиб, Dutch Football нашри хабар тарқатган.

"Катта эҳтимол билан клуб профессионаллик мақомини йўқотади. Бу масалада бир қатор муаммолар юзага келганки, уларни ҳал қилиб бўлмади", дейди ван Остен.

Маълум қилинишича, "Твенте" ва Doyen Sports Investment жамғармаси ўртасида трансферлар бўйича келишув бўлган ва жамоа ўз футболчиларининг сотувидан тушган пулдан бир қисмини (30 фоиз) жамғармага ўтказиши белгиланган.

Келишувга кўра, жамғарма жамоанинг трансфер сиёсатига жиддий таъсир кўрсатиш имконига эга бўлган. Бу эса халқаро қонунчиликка тўғри келмайди.

Ўтган йилнинг ноябрида ОАВ орқали шу мавзуда можаролар бошлангач, жамоа вице-президенти Алдо ван дер Лан истеъфога чиққанди. Жамғарма эса клуб трансфер сиёсатига таъсир кўрсатмаганини иддао қилган, лекин Нидерландия қироллиги футбол иттифоқи бунга ишонч билдирмаган.

Энсҳед шаҳри шарафини ҳимоя қилувчи ушбу жамоа бундан олдинроқ, 2015 йилнинг декабрида трансферларда йўл қўйилган қинғирликлар туфайли 3 йилга еврокубоклардан четлатилган ва жаримага тортилганди.

Жорий мавсумда "Твенте" Эредивизиянинг 25 туридан кейин 31 очко тўплаган ҳолда 12-ўринни эгаллаб турибди.

Top