10:11 / 04.03.2016
6575

Жанубий Кореяга гилос, Японияга қовун экспорти йўлга қўйилди

Миллий банк ҳузурида ташкил этилган Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси жорий йилнинг январь ойида 280 дан зиёд тадбиркорлик субъектига товар ва хизматларини ташқи бозорга чиқариш учун ҳуқуқий, молиявий ва ташкилий ёрдам берган. Улар экспорт шартномалари имзолаб, маҳсулот етказиб бериш ва хизмат кўрсатишни бошлаган. Германия пойтахти Берлин шаҳрида бўлиб ўтган "Яшил ҳафта – 2016" халқаро кўргазмасида иштирок этган фермер хўжаликлари ўз маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича келишувга эришди.

Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан Миллий матбуот марказида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Экспорт ҳажми ва географиясини кенгайтириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга экспорт борасида янада қулай шарт-шароитлар яратиш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун янги бозорлар ўзлаштирилди. Жанубий Кореяга гилос, Японияга қовун экспорти йўлга қўйилди. Ўрик ва анор шарбатига ҳам ташқи бозорда талаб юқори, деб ёзади Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги.

Жамғарма кўплаб туманларда банк ҳамда фермер хўжаликлари билан ҳамкорликда боғдорчилик ва мева-сабзавотчиликка ихтисослашган агрофирмалар ташкил этмоқда. Жорий йилда 26 турдаги янги маҳсулот экспорти йўлга қўйилади. Фермер ва агрофирмалар раҳбарларининг хорижий давлатларда малака ошириши ташкил этилади.

Top