14:42 / 04.03.2016
3979

Покистонлик фуқаро Facebookдаги эълони сабаб 13 йилга қамалди

Покистонлик фуқаро Facebook’даги саҳифасида динни ҳақоратловчи материаллар қўйгани учун 13 йилга қамалди, деб хабар берди суд ишида қатнашган ҳуқуқшунослар.

25 ёшлик Ризван Ҳайдар мазҳаблараро адоватни тарғиб қилгани учун терроризмга қарши судда иши кўриб чиқилди.

“Ҳайдар дини бўйича шиа мусулмонларига мансуб бўлиб, у ўз саҳифасида сунний мусулмонларига қарши тарғиб этувчи маълумотлар қолдирган. Шунинг учун унга қарши иш очилди”, - дея прокурор Одил Чатта суд давомида эълон қилди.

Бундан ташқари, у 250 000 рупияга (2500 долларга) жаримага тортилган, лекин Ҳайдар уни тўлашдан бош тортиб, аппеляцияга беришини айтган.

Ҳайдар химоячиси Шамим Заидинийнг сўзларига кўра, “У фақатгина “лайк” тугмасини босган, материалларни пост қилмаган”.

Аввалроқ, Покистон ҳукумати Толибонлар томонидан 2014 йил декабрь ойида Пешовордаги мактабга ҳужум уюштирганидан сўнг 153 кишининг ҳалокати туфайли, экстремизмга қарши курашиш мақсадида, адоватларни тарғиб қилувчи жиноятларга қаттиқроқ жазо ўрнатган эди.

Top