Виллаш-Боаш мавсум якунида "Зенит" билан шартномасини узайтириши мумкин
Санкт-Петербургнинг "Зенит" жамоаси бош мураббийи Андре Виллаш-Боаш ва жамоа раҳбарияти мавсум якунида ўзаро ҳамкорликни давом эттириш бўйича музокара ўтказиши мумкин. Бу ҳақда португалиялик мутахассиснинг агенти Карлуш Гонсалвешга асосланиб, ТАСС агентлиги хабар тарқатган.
28 ёшли Виллаш-Боаш билан шартнома 2016 йилнинг ёзига қадар тузилган. Ўтган йилнинг кузида у бу шартномани узайтириш ниятида эмаслигини ва Россияни тарк этмоқчилигини айтганди. Эндиликда эса жамоанинг бош директори Максим Митрофанов янги мураббий излаш борасидаги саволларга жавоб бериш вақтида Виллаш-Боашнинг қолиши эҳтимоли ҳақида гапирган.
"Биз Митрофанов берган жавобни эшитдик. Бу шуни англатадики, Андре жамоада яхши ишламоқда. Раҳбарият унинг фаолиятидан қониқиш ҳосил қилган. Айни вақтда Санкт-Петербургдагилар бу борада якуний қарорни қабул қилишмаган. Биз мавсум якунини кутамиз ва кейин бу масалада музокара ўтказишимиз мумкин. Андренинг ўзи ҳам ишидан қониқиш ҳосил қилмоқда. Айни вақтда у мавсумни яхши натижалар билан якунлаш учун ишламоқда", дея вазиятга баҳо беради Гонсалвеш.
Маълумот учун, Виллаш-Боаш 2014 йилнинг мартида "Зенит" бош мураббийига айланганди. Унинг раҳбарлигида жамоа 2014-15 йилги мавсум чемпиони бўлган, шунингдек мамлакат суперкубоги учун баҳсда ғолиб чиққанди. Жорий мавсумда питерликлар ЕЧЛнинг нимчорак босқичига чиққан, келаси ҳафтада "Бенфика"га қарши жавоб ўйинини ўтказади. Ички чемпионатда эса "Зенит" 19 турдан кейин 31 очко билан 5-ўринда кетмоқда.