Спорт | 11:14 / 07.03.2016
2378
2 дақиқада ўқилади

Роберто Манчини: «Ляйичнинг оёғи зўр, лекин калласи оёғи каби эмас»

«Интер» жамоаси бош мураббийи Роберто Манчини А сериянинг 28-турида «Палермо»га қарши кечган ғалабали учрашув (3:1) ҳақида фикр билдириб ўтди.

«Биз 3:0 ҳисобида танаффусга чиқишимиз керак эди. Аммо оддий хатоларга йўл қўйдик ва рақибга ўйинга қайтиш имконини бердик. Шундай экан, ўз устимизда ишлашни давом этишимиз керак.

Умид қиламанки, шу руҳда давом этамиз ва ўйин сифатини яхшилаб борамиз. Охирги ўйинларимиз шуни кўрсатмоқда. Бугунги ўйинни жуда яхши бошладик ва 2та тезкор гол урдик. Ундан ташқари ҳам хавфли вазиятлар яратдик», дейди Манчини.

Журналистлар ундан ўйинда ҳисобни очган Ляйич 11 ўйиндан бери эндигина гол урганига изоҳ сўрашган.

«Менга Ляйичнинг ўйинлари ёқади. Унинг ўзи буни билади. Лекин Адам баъзида керакли даражада машғулотлар ўтказмайди. Унда ажойиб оёқлар бор, лекин боши оёқлари каби ишламайди. Баъзида у майдон бўйлаб шунчаки сайр қилиб юради ёки баъзи ҳафталарда деярли машғулот ўтказмайди.

Ляйич ўйинни бир ўзи ҳал қила оладиган футболчи бўлиши мумкин. У бугун шундай ишни амалга оширди. Унда истеъдод бор.

Мавсум аввалида биз кутилганидан юқори даражадаги ўйинларни намойиш этдик. Лекин биз турнир жадвалининг энг юқори қисмида қола олмадик, чунки захирамиз кучли эмас. Мақсадимиз мавсум якунида учинчи ўринни эгаллаш», дейди Манчини Mediaset Premium эфири орқали.