23:20 / 10.03.2016
6606

АҚШ олимлари буйрак ўтказишнинг кенгайтирилган усулини ишлаб чиқишди

Америкалик олимлар буйракни тирик донордан беморларга кўчириб ўтказишга ёрдам берувчи янги усулни ўйлаб топишди. Авваллари бу каби операцияни буйрак мос келмаганлиги учун амалга ошириш мумкин эмас деб ҳисобланган. Бу ҳақида The New York Times газетаси хабар бермоқда

Жон Хопкинс университети қошидаги тиббиёт мактабининг профессори Дорри Сегёв бошчилигидаги бир гуруҳ олимлар томонидан ишлаб чиқилган янги усул жуда ҳам сезувчан иммун тизимига эга инсонларга трансплантация бўйича операция ўтказишга ёрдам беради.
“Десенсибилизация” ёки сезгирликнинг пасайиши номли мазкур жараён трансплантацияда зарур бўлган донор тана аъзосини рад этувчи мураккаб оқсилларни қондан бутунлай бартараф этишга мўлжалланган. У махсус фильтр ёрдамида ишлаб чиқилади. Мазкур жараёндан сўнг организм томонидан ажралиб чиқувчи янги мураккаб оқсиллар кўчирилган аъзони аввалгига нисбатан жуда кам куч билан рад этади.

Янги усулни ишлаб чиқиш саккиз йил давом этди. Бу вақт давомида тирик донорларнинг мос келмайдиган буйраклари мингдан ортиқ беморларга кўчириб ўтказилди. Олимлар қайд этишича, “десенсибилизация” жараёни билан биргаликда амалга оширилган операциядан кейин беморларнинг 76,5 фоизи яшаб кетган. Бу кўрсаткич ўлик донордан мос келувчи аъзо трансплантация қилинган ҳолат ёки диализ жараёни (организмдаги қон ва бошқа суюқликларни сунъий усулда тозалаш)дан буйрак ўтказишга нисбатан (62,9 фоиз тирик қолганлар) анча юқори.

“Десенсибилизация” жараёнини ўтказиш 30 минг долларга айланади. АҚШда буйрак ўтказиш операцияси деярли 100 минг долларни ташкил этади. Шунингдек, янги усулнинг яна бир самарали томони у нафақат ҳаётни сақлаб қолади, балки беморлар учун диализ жараёнидан ўтишга сарф бўлувчи 70 минг доллар атрофидаги зарур воситаларни ҳам тежаб қолади.

Top