14:52 / 10.03.2016
2941

Керри: Биз ҳеч қачон Сурия масаласида "Б" режасини тузмаганмиз

АҚШ Давлат департаменти раҳбари Жон Керрининг маълум қилишича, америкаликлар ҳукумати Сурия масаласида ҳеч қачон "Б" режасига эга бўлмаган. Бу ҳақда у CTV News эфири орқали журналист саволига жавоб бериш вақтида айтиб ўтган.

"Демак, бизда ҳеч қачон Сурия масаласида "Б" режаси бўлмаган. Одамлар асосий режа муваффақиятсизликка учраса, захирадаги режани ишга туширишимизни тахминлар қилишмоқда. Лекин булар шунчаки тахмин", дейди Керри.

Унинг айтишича, Сурияни қўллаб-қувватлаш бўйича халқаро гуруҳ вакилларидан ҳеч ким мамлакатнинг бўлиниши эҳтимолини ўйламайди ва бу эҳтимолни муҳокама қилмайди.

"Биз Сурияни яхлит ҳолатда сақлаб қоламиз. Бу давлатда камчиликнинг ҳуқуқлари кафолатланади. Сурияликлар келгусидаги ҳукуматни сайлайди. Биз айни вақтда шунга эришиш учун музокаралар ўтказмоқдамиз", дейди Керри.

Бундан олдинроқ, Керри Башар Асаднинг кетиши 2011 йилдан буён мамлакатда сақланиб қолаётган беқарор вазиятнинг ўнгланиши учун ягона йўл эканини айтиб ўтганди.

Top