Спорт | 16:13 / 10.03.2016
2937
2 дақиқада ўқилади

Серхио Агуэро «Манчестер Сити»дан қачон кетишини маълум қилди

«Манчестер Сити» ҳужумчиси Серхио Агуэро 2018 йили Россияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатидан кейин Европани тарк этишга тараддудланиши ва жамоа билан шартномаси тугагач, Аргентинага қайтиб, «Индепендьенте» жамоасида ўйнай бошлаш нияти ҳақида айтди.

«Кейинги бир неча ойдан менда «Сити» билан янги шартнома тузиш-тузмаслигим ҳақида сўрашади, аммо шу вақтгача бундай саволларга жавоб қайтармай келардим. Айтишим мумкинки, 2018 йилда Россияда ўтказиладиган мундиалдан кейин Аргентинага қайтишга тайёрлана бошлайман. 2019 йилда жамоам билан шартномам муддати тугайди ва мен «Индепендьенте» сафига қайтаман.

«Манчестер Сити»да менга ҳамиша яхши муносабатда бўлишган ва қайсидир жамоага ўтишни истаб қолсам, бунга қаршилик кўрсатмасликларини айтишган.

Европанинг қайсидир бошқа жамоасида ўйнашим мумкинми? Ҳеч қайсисида. Амалдаги шартномам якунлангач, Аргентинага қайтаман ва "Эль Рохо" учун ўйнай бошлайман», — дея таъкидлайди айни вақтда 27 ёшда бўлган Агуэро.