08:39 / 11.03.2016
33778

Дунёнинг энг чиройли пул бирликлари рўйхати тузилди

The Telegraph нашри дунёнинг ўзига хос кўринишга эга энг чиройли пул бирликлари 15 талигини тузиб чиқди. Бу рўйхатнинг аввалида Қозоғистоннинг 10 минг тенгелик қоғоз пули жой олган.

1. Виқор тўкиб турган қорли тоғлар қаршисидаги мағрур қоплон тасвири туширилган 10 минг тенгелик купюра Қозоғистонда 2003 йилдан буён зарб қилинади.

2. Жанубий Африка миллий валютасининг турли қийматли купюраларида “катта бешталик” вакиллари сурати тасвирланган.

P.S. “Катта бешталик” – шер, каркидон, қоплон, фил ва буйвол. Бу ҳайвонларнинг барчаси йўқ бўлиб кетиш хавфи остида. Кўп асрлар давомида уларни овлаш ҳақиқий овчиларнинг асл тимсоли ҳисобланган, лекин ҳозир улар ҳимоя остига олинган.

3. Янги Зеландияда 1999 йилда муомалага киритилган беш долларлик купюрада мамлакатнинг миллийлик тимсоллари бўлмиш сариқ кўзли пингвин ва лолагуллиларга мансуб сариқ лилияни кўриш мумкин.

4. Франция Полинезиясининг ранг-баранг 500 франкига одамлар, ўсимликлар ва ҳайвонот олами “жойланган”.

5. Колон – Коста Рика пул бирлиги (испанчада Кристобал Колон номи билан машҳур Христофор Колумб шарафига номланган). Бу сув ости олами, жумладан, акула ва денгиз юлдузи тасвирланган 2 минг колонлар.

6. Малайзиянинг 2012 йили зарб қилинган ринггитида миллий гул – гибискус ифодаланган.


7. Бу эса каркидон ва олтин кони тасвири туширилган Танзаниянинг 5 минг шиллингли купюраси.

8. Индонезиянинг минг рупийлик қоғоз пулига Палембанг шаҳри анъанавий уйлари сурати босилган.

9. Канаданинг беш долларлик купюрасида болаларнинг музда хоккей ўйини сурати акс этган. Шу бир парча қоғозда адиб Рох Карри қаламига мансуб ҳикоядан парча ҳам жой олган: “Менинг болалигим қишлари узундан узоқ давом этарди. Ҳаётимиз учта жой –мактаб, ибодатхона ва яхмалак майдонидангина иборат эди. Лекин бизнинг ҳақиқий умримиз яхмалак майдонида кечарди”.

10. Қатарнинг бир риал пулида мамлакат табиатидаги баъзи қушлар: сўфитўрғай, кўркинак, ржанка сурати туширилган.

11. Мисрнинг бир фунти. Мисрнинг барча купюралари бир томони арабча матн ва рақамлар, иккинчи томони инглизча матн, ҳинду-арабча рақамлар билан зарб этилади.

12. Бирлашган Араб Амирликларининг ҳамма қоғоз пулларида фирибгарликнинг олдини олиш мақсадида ёруғлик даражасига қараб тусини ўзгартирувчи лочин хавфсизлик сурати ўрнатилган. Ушбу юз дирҳамлик пулга ҳам лочин ва Дубайдаги Жаҳон савдо маркази тасвири туширилган.

13. Багама оролларининг бир долларлик купюрасида эса ҳайвонлар ва ўсимликлар мавзусидан узоқлашган ҳолда, қирол ҳарбий кучларининг аскарлар гуруҳи байрам “нишонламоқда”.

14. Гондурас бир лемпираси. Лемпира 1931 йили жорий этилган ва Испан босқинчиларига қарши жангга бошчилик қилган 16-аср ҳукмдори шарафига аталган.

15. Нигерия найрасининг қадрсизлиги туфайли пул муомаласида қийинчиликлар туғдиради.

P.S. 1 Нигерия найраси 0,01 АҚШ долларига, 1 АҚШ доллари эса 198,85 Нигерия найрасига тенг.

Top