00:37 / 11.03.2016
3589

Милдронатни ишлаб чиқарувчи компания Бутунжаҳон аксилдопинг агентлигини коррупцияда айблади

Бутунжаҳон аксилдопинг агентлиги (WADA) ҳеч кимга бўйсунмайди, уларни ҳеч ким назорат қилмайди, деб айтди Grindeks фармацевтика компанияси ва Латвия хоккей федерацияси раҳбари Киров Липман. Бу ҳақда РИА “Новости” ахборот агентлиги хабар бермоқда. Унинг айтишича, мельдонийнинг тақиқланган воситалар қаторига киритилиши коррупция билан боғлиқ.

"Биз адолатга эриша оламиз, деб ўйлайман. Тангрига шукурки, мельдоний яратувчиси, академик Калвиньш ҳаёт ва у мельдоний ҳеч қандай допинг эмаслигини айтмоқда. Допинг – бу одам усиз яшай олмайдиган наркотикдир. Фикримча, мельдонийнинг тақиқланган воситалар қаторига киритилиши коррупция билан боғланган. Бутунжаҳон аксилдопинг агентлиги ҳеч кимга бўйсунмайди, уларни ҳеч ким назорат қилмайди, улар нима истасалар, шуни қилишади. ФИФАда, мисол учун, жуда бўлмаса аудит бор", деб айтди Липман.

2016 йил 1 январдан WADA мельдонийни тақиқланган воситалар рўйхатига киритди. Бир қатор россиялик спортчилар уни қўллашда айбланмоқда, улар орасида теннисчи Мария Шарапова, фигурачи Екатерина Боброва, конькичи Павел Кулижников, шорт-трекчи Семен Елистратов бор.

Мельдоний Латвияда 1970-йилларда яратилган, у кислород алмашинувини оширувчи ва бу билан бардошликни ошириб, ҳаддан ташқари юкламалардан кейин организмни тиклашга кўмак берувчи метаболик модулятор ҳисобланади. Латвиянинг Grindeks компанияси бу дори воситасининг ягона ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади.

Top