Яшаш учун энг арзон ва энг қиммат шаҳарлар рўйхати чоп этилди
Economist Intelligence Unit нашри яшаш учун энг арзон шаҳарлар рўйхатини чоп этди. Эътиборлиси, ушбу рўйхатнинг етакчи ўнталигидан Олмаота ҳам ўрин олган.
Рўйхатнинг энг юқори поғонасини Замбия пойтахти Лусака эгаллади. Лусакадан кейинги ўринларни Ҳиндистоннинг Бангалор ва Мумбай шаҳарлари, Жазоир, Ченнай, Карачи, Нью-Деҳли, Дамашқ ва Каракас эгаллади.
Москва ва Санкт-Петербургда яшаш қиймати рублнинг қадрсизланиши сабабли 2015 йилда деярли 40 фоизга камайиб кетган.
Сингапур учинчи йил кетма-кет яшаш учун энг қиммат шаҳар бўлмоқда. Бу борада кейинги ўринларни Цюрих, Гонконг, Женева, Париж, Лондон, Нью-Йорк, Копенгаген, Сеул ва Лос-Анжелес эгаллаган.
Гонконг охирги йилда энг қиммат шаҳарлар рўйхатида 7 поғонага кўтарилган. Нью-Йорк 2011 йилдан бери 42 поғонага кўтарилиб, 2002 йилдан бери энг юқори даражага эришган.
Энг қиммат шаҳарлар ўнталигидан Сидней, Мельбурн ва Осло чиқиб кетган. Тадқиқот муаллифларининг тушунтиришича, кучли доллар ортида заиф евро ва австралия доллари Европа Иттифоқи ва Австралиядаги шаҳарларни рейтингда пастлашга мажбур қилди ва хорижликлар учун ҳамёнбоп қилишга имкон берди.
Economist Intelligence Unit бир йилда икки марта шаҳарларда яшаш қийматини баҳоловчи Worldwide Cost of Living ҳисоботини чоп этади. Баҳолашда турли омиллар, жумладан озиқ-овқат, кийим-кечак, бензин, автомобиллар, коммунал хизматлар ва хусусий мактабларда таълим олиш нархлари, маош даражаси ҳисобга олинади. Тадқиқот компанияларга ишлаш учун чақиртирилган хорижий ходимларга компенсация пакетини ҳисоблашда ёрдам бериш учун мўлжалланган.
Аввалроқ Қозоғистон GOBankingRates халқаро агентлиги талқини бўйича яшаш учун энг арзон давлатлар рўйхатида 5-ўринни эгаллагани маълум қилинганди. Бунда экспертлар аҳолининг харид қилиш қобилияти, турар-жой ижараси, озиқ-овқат ва хизматлар нархларини баҳолашган.