Ўзбекистон | 23:38 / 14.03.2016
4578
2 дақиқада ўқилади

Isuzu автобуслари табиий газда ишлайди

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 26 февралдаги “2016-2020 йилларда хизматлар соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарорига кўра, Самарқанддаги “Samauto” МЧЖда ишлаб чиқарилган 200 та “Isuzu” автобуси табиий газга ўтказилади. Бу ҳақда review.uz нашри хабар бермоқда.

Прогнозга кўра, 2017 йилда 250 та, 2018 йилда 300 та, 2019 йилда 350 та автомобиль газ ёнилғисига ўтказилади. 2020 йилгача автомобиль заводининг конвейеридан йилига табиий газда ишловчи 1100 та йўловчи автобуси чиқади.

Компания маълумотларига кўра, Самарқандда Япониянинг “Isuzu Motors” компанияси шассиси негизида 37 нафар одамга мўлжалланган шаҳар автобуслари 2007 йилдан ишлаб чиқарила бошланган.

Самарқанд автомобиль заводи сиқилган табиий газда ишловчи двигателли биринчи автобусни 2015 йил июлда тақдим қилган.

“Samauto” МЧЖ 2006 йил ноябрда собиқ “СамКочАвто” Ўзбекистон Туркия қўшма корхонаси негизида яратилган. Компаниянинг 58 фоиз акцияси “Ўзавтосаноат” АКга, 26 фоизи “Асака” банкига ҳамда 8 фоиздан акцияси Япониянинг “Itochu” ва “Isuzu” компанияларига тегишли.

Расмий маълумотларга кўра, 9 йил ичида заводда 10,2 мингдан кўпроқ автобус йиғилган.