Ўзбекистон | 11:59 / 14.03.2016
1793
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Қозоғистон Сирдарёни тақсимлаб олиш бўйича келишувга эришди

Ўзбекистон ҳукумати Сирдарё орқали қозоғистонлик фермерларни етарли миқдорда сув билан таъминлашга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда журналистларга Қозоғистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Бақитжан Сағитаев хабар қилган.

Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида 11 март куни Остона шаҳрида ўтказилган икки тарафлама ҳамкорлик бўйича қўшма ҳукуматлараро комиссия мажлисида Сирдарё сувини тақсимлаш масаласи муҳокама қилинди.

"Ҳар йили вегетация даврида Жанубий Қозоғистонда, айниқса, Мақтаорол туманида, етарли миқдорда сув билан таъминланиш муаммоси кўтарилади. Шу кунларда Ўзбекистон томон Қозоғистон етарли миқдорда сув билан таъминланишини тасдиқлади. Биз шунга келишиб олдик. Бу бизга умид бағишлади, шу боис, Жанубий Қозоғистондаги фермерлар вегетация даврида ўзларига керакли миқдорда сув билан таъминланади, дея оламиз”, — дейди Сағинтаев.