22:22 / 14.03.2016
5397

Ўзбекистондаги энг йирик цемент заводи акцияларининг давлат улуши 160,3 млн долларга баҳоланди

Ўзбекистондаги энг йирик цемент заводи давлат улушини сотувга қўйилди. Ўзбекистондаги цементнинг учдан бир қисмини етиштириб берадиган Навоийдаги "Qizilqumsement" ОАЖнинг 35,9 фоиз акцияси 160,3 миллион долларга баҳоланган. Бу ҳақда Ўзбекистон республикасининг хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси хабарида айтилган.

"Qizilqumsement" ОАЖ Навоий шаҳридан 7 километр жанубий-ғарбий томонда жойлашган улкан цемент ва цемент маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона. Корхонанинг тўлиқ проект қуввати йилига 3 млн. 80 минг. тонна цемент ишлаб чиқариш ҳисобланади.

2014 йилда "Qizilqumsement" ОАЖ 176 млрд сўмдан ортиқ даромад кўрган ва Ўзбекистондаги ишлаб чиқариш корхоналари орасидаги энг яхши натижани кўрсатган.

Корхонанинг устав фонди 447,5 млрд сўмни ташкил қилади. Шундан 87 фоизи давлат улуши, қолган 13 фоизи бошқа акционерлар улуши ҳисобланади.

Кўрсатилган давлат улушлари реализацияси “Тошкент” РФБнинг блок-трейдинг секциясидан фойдаланилган ҳолда амалга оширилади. Очиқ тарзда ўтказиладиган танловга аризаларни қабул қилиш 16 мартдан бошланади. Танлов савдоларига тушган танлов таклифлари билдирилган конвертларнинг биринчи нусхалари эса – 15 апрелда очилади.

Top