12:43 / 15.03.2016
3294

Ўзбекистон хорижлик улгуржи савдогарлар учун мева ва сабзавотлар сотиб олишни осонлаштиради

"Ўзулгуржисавдоинвест" ассоциацияси чет эл улгуржи савдо корхоналарини жалб қилиш ва мева ва сабзавотлар эспортини ривожлантириш мақсадида, Ўзбекистонда янги, кўргазмали бизнес-майдонча ташкил қилишни режалаштирган. Бу ҳақда ассоциация вакилига асосланган ҳолда Sputnik агентлиги хабар тарқатган.

"Ўзулгуржисавдоинвест" ассоциацияси миллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларини, айниқса узум ва полиз маҳсулотларини омборхоналарда жамлаш ва уларни чет элга экспортини ташкил қилиш билан шуғулланади.

“Биз биринчи “Ўзбекистон мева ва сабзавотлари” номли бизнес форум ташкил қилиш ниятидамиз. У ерга чет эллик етакчи савдогарларни, йирик транспорт компаниялари, қайта ишлаш корхоналари ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлашга мўлжалланган ускуналар ишлаб чиқарадиган корхоналар вакилларини таклиф қилиш ниятидамиз. Тадбирнинг асосий мақсади – чет эллик харидорларга керакли миқдорда мева ва сабзавотлар сотиб олиш учун шароит яратишдир”, — деди ассоциация вакили.

Бундай тажриба қишлоқ хўжалигининг бошқа секторларида ўзини оқлаган. Масалан, Ўзбекистонда ўн йилдан бери Халқаро пахта ярмаркаси ўтказилади. У ерда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган пахтанинг асосий қисмини сотиш бўйича шартномалар тузилади.

“Ўзбекистон мева ва сабзавотлари” форуми биринчи бор 2016 йилнинг май ёки июнь ойларида ўтказиш режалаштирилган. "Ўзулгуржисавдоинвест", қайси маҳсулотга харидор кўплигини билиш мақсадида, чет эллик харидорларни асосий маҳсулотлар йиғим терим мавсуми бошлангунига қадар таклиф қилмоқчи. Ассоциация форум натижасига қараб фермерлар билан ишлайди.

“Бу барча учун қулай бўлади. Харидорлар Тошкентга бир-икки кунга келиб, бир майдонда фермерлар, транспорт компаниялари, божхона ходимлари ва бошқалар билан учрашиши мумкин. Ундан ташқари, бу Ўзбекистон мева ва сабзавотларини бутун дунёга тарғиб қилувчи ажойиб омил бўлади”, — деди вакил.

Кўргазмани ташкил қилишда ҳамкор этиб тажрибали ITE Uzbekistan компанияси танланди. Форум “Ўзкўргазмасавдо” марказида бўлиб ўтади.

Кўргазма ташкилотчилари, МДҲ давлатлари, хусусан Россия улугуржи савдо компанияларига алоҳида эътибор бериш ниятида. Ассоциация вакили сўзларига қараганда улар Россиянинг йирик савдо тармоқлари ва гипермаркетлари вакиллари ташрифига умид боғламоқда.

Ўтган йили Ўзбекистонда 12,5 миллион тонна сабзавот ва картошка етиштирилди, 1,8 миллион тонна полиз маҳсулотлари, 1,5 миллион тонна узум, 2,73 миллион тонна мевалар етиштирилди. Уларни сақлаш учун мамлакатда 114та совутувчи камералар янгиланган.

Ўзбекистон 100 млн доллардан кўпроққа мева-сабзавот ва узум экспорт қилади

Top