07:19 / 16.03.2016
1767

Amazon сельфи ёрдамида тўловни тасдиқлашга патент олишга ариза топширди

АҚШнинг Amazon компанияси сельфи ёрдамида харидни тасдиқлашга патент олишга ариза топширди. Бу ҳақда Re/Code нашри маълум қилди.

Ариза матнига кўра, интернет-майдонча харидорлари ўз харидлари учун тўловни сельфи ёки видео ёрдамида тасдиқлашлари мумкин бўлади.

Тизим мижознинг суратини тўловни текшириш тизимидаги сурат билан таққослайди. Amazon раҳбариятининг фикрича, фойдаланувчиларнинг исталган паролларини хакерлар ўғирлаши мумкин, юзни таниш тизими эса зарур кафолатларни беради.

Бундан ташқари, янги тасдиқлаш тизими нафақат фото ёки видео, балки фойдаланувчининг камерага муайян имо-ишораларни кўрсатишини талаб қилади, мисол учун, фойдаланувчидан жилмайишни ёки кўз қисишини сўрайди. Таъкидланишича, бу  суратдаги одам ҳақиқатда тириклигини ва бу фотосурат эмаслигини билиш учун керак бўлади. Тизим шундан кейингина транзакцияни якунига етказади

Top