17:20 / 16.03.2016
1533

ФИФА 2та жаҳон чемпионати мезбонлигини аниқлашда овозлар сотилганини тан олди

ЖАР 2010 йилги жаҳон чемпионати мезбонлигини қўлга киритиш йўлида 10 миллион долларни пора сифатида сарфлаган.

Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) 1998 ва 2010 йилги жаҳон чемпионатлари мезбонларини аниқлашда овозлар сотилгани ҳамда сотиб олингани билан боғлиқ ҳолатлар рўй берганини тан олди. Бу ҳақда ташкилот расмий сайтида маълум қилинган.

16 март куни ФИФА 21 саҳифадан иборат ҳужжатни эълон қилди. Бу ҳужжат бундан олдин ФИФА тизимида амалга оширилган порахўрлик жиноятларини тафтиш қилаётган АҚШ ҳукуматига юборилган. ФИФАнинг собиқ вице-президенти Вячеслов Колосковнинг маълум қилишича, унга ҳеч ким Франция ва ЖАРда ўтган турнирларда ён босиши учун пора таклиф қилмаган.

Le Figaro нашрида ёзилишича, ЖАР 2010 йилги мундиал мезбонлигини қўлга киритиш йўлида овозларни сотиб олиш учун ФИФА Ижроий қўмитаси аъзоларига 10 миллион долларни пора сифатида берган. Бу ишлар ташкилотнинг собиқ вице-президенти Жек Уорнер воситачилигида амалга оширилган.

Шунингдек, 1998 йилда Францияда ўтказилган жаҳон чемпионати мезбонлигини аниқлашда ҳам порахўрлик жинояти амалга оширилган.

ФИФАда шунингдек, Муҳаммад бин Ҳаммамнинг 2011 йилда ташкилот президентлиги учун сайловда ғалаба қилиш мақсадида 400 минг доллар пулни пора сифатида сарфлагани маълум қилинган.

Бин Ҳаммам овозлар сотиб олишда ФИФАнинг собиқ вице-президентларидан бири, КОНКАКАФ (Шимолий ва Марказий Америка ҳамда Кариб ҳавзаси мамлакатлари футбол уюшмаси)нинг ўша вақтдаги раҳбари Жек Уорнер воситачилигидан фойдаланган.

2012 йилда Муҳаммад бин Ҳаммам коррупцияга алоқадорликда айбланиб, бутун умрга футболдан четлаштирилганди. 2015 йилда эса Жек Уорнерга ҳам шундай жазо қўлланган.

Top